Американинг энг бадавлат 10 кишиси: уларни нима боғлаб туради?

Американинг энг бадавлат 10 кишиси: уларни нима боғлаб туради?

Фото: «Forumdaily.com»

Американинг энг бадавлат кишиларини кўп нарса боғлаб туради, аммо улар орасида энг муҳим бир жиҳат бор: аксарияти технологиялар соҳасида фаолият олиб боради ва миллиардларини ҳам шу соҳа ортидан ишлаб топган.

Деярли ҳар бири ўз шахсий компаниясини ташкил қилиб, унга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда улкан бойликни тўплашга эришган. Умуман олганда, Американинг энг бой 10 кишисидан еттитаси дунёнинг энг бадавлатлари ўнлигида туради.

Америкалик миллиардерларнинг аксариятини яна бир жиҳат боғлайди: «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс, «Facebook» бош директори Марк Цукерберг, «Oracle» асосчиси Ларри Эллисон университетдаги ўқишини тамомлашмаган. Жефф Безос, Ларри Пейж ва Сергей Брин эса анъанавий усулдаги эмас, мустақил ва ижодий фикрлаш кўпроқ ўргатиладиган Монтессори мактабига қатнашган.

Американинг энг бой кишилари хайрия ишларига жуда катта сармоя ажратишади. Уларнинг кўпчилиги инсоният ҳаётини яхшилашга доир ишларга, Алцгеймер хасталиги ва саратон каби хавфли касалликлар давосини топишга қаратилган тадқиқотларга юз миллионлаб ажратишади. Уоррен Баффет, Гейтс, Цукерберг ва Эллисон бу борада олдинга яна бир қадам ташлашди ва ўз бойликларини «The Giving Pledge» ташаббуси доирасида тақдим этишга ваъда беришди. Баффет ва Гейтс томонидан ишлаб чиқилган ушбу ташаббус миллиардерларни ўзларининг улкан бойликларини хайрия ишларига йўналтиришга ундайди.

Мана, Американинг бадавлат кишилари ҳақида нималарни билишингиз керак.

1. Жефф Безос

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $109,9 миллиард.

53 ёшли Безос тарихдаги энг бой инсонга айланди.

Безос интернетда китоб сотишни бошлашидан аввал (бу бизнеси якунда электрон тижорат гиганти «Amazon.com»га айланди), Принстон университетини тугатганидан сўнг Нью-Йоркдаги етакчи фондлардан бирида ишлаган.

Безос «Amazon.com» келажагига 1994 йилда ўзининг Сиэтлдаги гаражида асос сола бошлаган.

«Amazon.com»дан ташқари Безос 2013 йилда «Washington Post» газетасини 250 миллион долларга сотиб олиши ва «Blue Origin» аэрокосмик компаниясини харид қилиши билан ҳам машҳур.

Безос рафиқаси ва тўрт фарзанди билан Вашингтон штатидаги Медина шаҳрида истиқомат қилади. Унинг бешта ҳашаматли уйи, шунингдек Техасда «Blue Origin» штаб-квартираси жойлашган 290 000 акр (117 359 гектар) майдонда ранчоси бор. Бундай мулк ҳуқуқи уни АҚШнинг энг йирик ер эгаларидан бирига айлантирди. «Time» журнали уни 1999 йили йил одами деб эълон қилган.

2. Билл Гейтс

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $93,3 миллиард.

Бетакрор тадбиркор, 62 ёшли Гейтс 1975 йили ташкил топган «Microsoft» компанияси ҳаммуассиси ҳисобланади. Гейтс ўз бойлигига компания акцияларининг қимматлашиши ҳисобига эришган.

Гейтс Сиэтлда улғайган. Мактабда у бўлажак ҳамкори Пол Аллен билан танишади. Иккиси ҳам компьютерларга муккасидан кетади ва мактабдалигидаёқ ўзларининг биринчи ишини — трафик ҳақида маълумотлар тизимини яратишади.

1986 йили «Microsoft» умумэътироф этилгач, Гейтс 31 ёшида миллиардерга айланди. 21-асрда у сахийлиги билан ҳам ном қозонди, рафиқаси Мелинда билан 2000 йили Билл ва Мелинда Гейтс фондига асос солди.

Гейтслар фонди ўз олдига глобал муаммоларни ечиш, хусусан, дунёдаги очарчиликни бартараф этиш ва қашшоқ жамиятларда инсонлар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш мақсадини қўяди.

Гейтс ҳозир Вашингтон штатидаги Медина шаҳрида истиқомат қилади.

3. Уоррен Баффет

Соҳаси: молия ва инвестициялар.

Бойлиги: $87,2 миллиард.

87 ёшли Баффет технологиялар кўмагисиз муваффақиятга эришган Американинг камсонли энг бой одамларидан биридир.

Уоррен Баффет «Berkshire Hathaway» умумий савдо-инвестиция фирмасининг бош директори ва раиси ҳисобланади.

Бойлигининг катта қисми унинг бизнесдаги 18 фоизлик улуши билан боғлиқ. Баффет қимматли инвестор сифатида ном қозонган.

Биринчи акцияларини 11 ёшида сотиб олган, 13 ёшида эса 35 долларга сотиб олган велосипеди учун ўзининг биринчи солиқ декларациясини топширган.

4. Марк Цукерберг

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $77,5 миллиард.

33 ёшли Цукерберг ҳам ўзининг технология компанияси орқали миллиардерга айланган энг бадавлат одамлар қаторига қўшилган. Бу ҳақда кинофильм ҳам ишланган.

У дунёда энг йирик ижтимоий тармоқ — «Facebook» асосчиси ва бош директори ҳисобланади.

Цукерберг бутун мамлакат бўйлаб $175 миллион қийматга эга хусусий мулкка эга.

Марк ҳозир Ҳарварддаги ўқиши пайтида танишган рафиқаси Присцилла Чан билан Калифорния штатидаги уйида икки нафар қизини улғайтирмоқда.

Иккиси Чан-Цукерберг кампаниясини бошлаб, $3 миллиард сармоя киритишган. Мазкур кампаниянинг мақсади — касалликларни даволаш ва тадқиқотлар учун янги технолигияларни ишлаб чиқариш.

5. Ларри Пейж

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $54,9 миллиард.

44 ёшли Пейж – «Google» асосчиларидан бири ва ҳозир шахсий «Alphabet» компанияси бош директори. Ўзининг бизнес ҳамкори Сергей Брин (Американинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 7-ўринда туради) билан Стэнфорд университетида докторлик даражаси устида ишлаётган вақтида танишган.

Пейж асосий бойлигини «Google» компанияси ҳисобига ишлаб топган.

Ларри болалигиданоқ компьютерларга қизиққан, бу унга ота-онасидан юққан эди. Улар Мичиган давлат университетида информатикадан дарс беришарди.

Пейж рафиқаси ва икки нафар фарзанди билан Калифония штатидаги Пало-Альто шаҳрида яшайди.

6. Ларри Эллисон

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $54,7 миллиард.

73 ёшли Эллисон 1977 йили «Oracle» дастурий таъминот компанияси асосчиларидан бирига айланади. Ушбу компаниянинг 25 фоизи унга тегишли, шунингдек, Ҳавайи оролларидаги Ланай ороли ҳам.

Тўққиз ойлигида уни боқиб олишади. Оиласи унинг шифокор бўлишини истарди, аммо Эллисон тиббиёт уни қизиқтирмаслигини тушунгач, медицина мактабидан кетади. У Калифорнияга кўчиб ўтади ва дастурчи бўлиб ишлайди.

Бир қанча ишларда ўзини синаб кўргач, охири Эллисон янги маълумотлар базаси дастурий таъминоти яратиш устида ишлаётган компаниянинг бир бўлагига айланади. Бу компания охир-оқибат дунёда энг йирик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи гигантга — «Oracle»га айланади.

Эллисон рўйхатдаги бошқа титанлар сингари инсоният саломатлиги, унинг умрини узайтиришга қаратилган тадқиқотлар учун 330 миллион доллардан ортиқ сармоя ажратган.

7. Сергей Брин

Соҳаси: технологиялар.

Бойлиги: $53,3 миллиард.

44 ёшли Брин ҳам технологиялар саноати ортидан бойликка эришган инсонлардан, у Ларри Пейж (рўйхатда 5-ўринда туради) билан биргаликда «Google» асосчиси ҳисобланади.

Собиқ иттифоқда дунёга келган Брин олти ёшида оиласи билан АҚШга кўчиб ўтади.

Брин ўзида Паркинсон хасталигига олиб борадиган генетик мутация борлигини билгач, ушбу касалликни тадқиқ қилиш учун 50 миллион доллар ажратган.

8-9. Ака-ука Кохлар: Чарлз ва Дэвид

Соҳаси: конгломерат.

Бойлиги: $48,6 миллиард.

82 ёшли Чарлз ва 77 ёшли Дэвид Американинг энг бадавлат инсонлари рўйхатида 8- ва 9-ўринларни банд этиб туришибди.

Чарлз «Koch Industries» бош директори ва раиси ҳисобланади. Канзасдаги бу конгломератнинг йиллик даромади 100 миллиард долларга тенг. Дэвид эса ушбу компания вице-президенти бўлиб, компаниянинг 42 фоизи уларга тегишли.

Ака-укалар MIT университетини техника соҳасида тамомлашган ва оилавий безнесга асос солишган.

Ака-ука Кохлар сиёсий фаолдирлар. Улар республикачилар учун миллионлаб доллар хайрия қилишган.

10. Роб Уолтон

Соҳаси: чакана савдо.

Бойлиги: $47,9 миллиард.

73 ёшли Уолтон «Walmart» асосчиси Сэм Уолтоннинг катта фарзандидир.

Уолтон бойлигининг катта қисмини компания акцияларининг ўсиши ҳисобига ишлаб топган. Оилавий бизнеснинг 13 фоизи унга тегишли.

Отасининг ёнида иш бошлашдан олдин Роб Арканзас университети футбол жамоасида ўйнаган ва «Columbia Law School»ни тамомлаган.

У бир қанча кўчмас мулк эгаси, жумладан Колорадо штатидаги Аспентда, Аризона штатининг Аспенида мулки бор. Яқинда Ҳавайи оролида 1500 гектар ер сотиб олди ва бу ерда дам олиш маскани қуриш ниятида.

Уолтон айни вақтда рафиқаси ва уч нафар фарзанди билан Арканзас штатидаги Бентонвилла шаҳрида яшайди.

Izohlar 0

Fikr qoldirish uchun saytda ro'yhatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar bilan kiring