Улуғбек Қодиров янги қиёфада. Хива хонлиги бош вазирининг сирли ўлими ҳақида фильм суратга олинади

Улуғбек Қодиров янги қиёфада. Хива хонлиги бош вазирининг сирли ўлими ҳақида фильм суратга олинади

Улуғбек Қодиров Исломхўжа образида

Фото: «Ўзбеккино» МА

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан Жўрабек Рўзметов сценарийси асосида, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинаётган «Исломхўжа» номли бадиий-публицистик фильмда ҳали-ҳануз жавобини кутаётган ушбу қотиллик тафсилотларини ўрганишга бел боғлаган тадқиқодчи-тарихчи олим орадан бир аср ўтганига қарамай, мавжуд ҳужжатларга асосланиб, асл айбдорлар қиёфасини очишга ҳаракат қилади.

Фильмнинг режиссёрлик сценарийсини ёзиш жараёнида ижодий гуруҳ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, буюк аждодимизнинг Россия билан боғлиқ фаолиятини ўрганиб қайтди. Исломхўжа образини таниқли актёр Улуғбек Қодиров ижро этиши кутилмоқда. Шунингдек, айни кунларда фильмда роль ўйнаши мумкин бўлган актёрлар жамоаси ҳам саралаб олинмоқда, дейилади агентлик ахборот хизмати хабарида.

Фильм ижодкорлари Санкт-Петербургда
Фото: «Ўзбеккино» МА

Агентлик Бадиий кенгашининг жорий йил 11 январда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Санкт-Петербург шаҳрида танланган макон ва либослар асосида фильм учун тайёрланган эскизлар ҳам муҳокама этилди. Ушбу фильмни жорий йил «Эзгу-фильм» киностудиясида суратга олиш режалаштирилган.

Маълумот учун, «Исломхўжа» — ушбу янги бадиий-публицистик фильм ХХ аср бошларида нафақат Хоразм музофоти, балки бутун Марказий Осиё ҳудуди, ҳатто Чор Россиясининг амалдорлари орасида юксак нуфузга эга бўлган Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжанинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Ўз даврининг тараққийпарвар, ҳалқпарвар давлат ва жамоат арбобларидан бири бўлган Исломхўжа 17 ёшидан хонликнинг савдо ва саноат марказларидан бири ҳисобланмиш Ҳазорасп беклигига хокимлик қилган, 26 ёшида Хива хонлигининг бош вазири этиб тайинланган.

Валиаҳд Асфандиёр тўранинг ҳукмронлиги даврида Исломхўжа хонликнинг барча муҳим ва маъсулиятли вазифаларини ўз зиммасига олиб, кўплаб иншоотлар қурдирган. Қатор соҳаларда ислоҳотлар олиб борган. Бироқ хонликнинг энг юқори амалдори, буюк ислоҳотчи Исломхўжа сирли равишда ўлдирилиб, ҳатто қотилликни фош этиш учун бошланган тергов ҳаракатлари босди-босди қилинган.

Izohlar 1

Fikr qoldirish uchun saytda ro'yhatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar bilan kiring