Қозоғистондаги фожиа. Одамлар нега автобусдан чиқиб кета олишмаган?

Қозоғистондаги фожиа. Одамлар нега автобусдан чиқиб кета олишмаган?

Фото: «АиФ»

Кеча, 18 январь куни Оқтўба вилоятининг Иргиз туманида рўй берган фожиадан барчанинг хабари бор. «Икарус» русумли автобусда келиб чиққан ёнғин оқибатида 52 йўловчи тириклай ёниб кетди. Шу кунларда барчанинг тилида бир савол: нима учун йўловчилар автобусдан чиқиб кета олишмаган? Биз қуйида ана шу саволга хориж ОАВларига таяниб, жавоб излаб кўрамиз.

Фото: «АиФ»

Воқеа Тошкент вақти билан 10:30 да, Самара-Чимкент трассасининг 1068-километрида рўй берди. Ҳозир воқеа жойида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тузилган махсус комиссия жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаб, уларни Ватанга қайтариш чораларини кўрмоқда.

Бугун тонгда фожиа қурбонларининг дастлабки рўйхати эълон қилинди. Уларнинг барчаси Наманган вилоятидан экани маълум бўлди.

Автобусда кимлар бор эди?

Бугунга келиб, автобусда 55 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлгани, йўловчиларнинг деярли барчаси Ўзбекистондан, ҳайдовчилар эса Қозоғистон фуқаролари экани маълум бўлди. Ёнаётган автобусдан фақатгина 5 киши — икки ҳайдовчи ҳамда уч йўловчи чиқа олган, холос. Автобус Ўзбекистондан Россияга йўл олган ва унда бошқа давлат фуқаролари бўлмаган.

Жароҳат олганларнинг аҳволи қандай?

Фото:«АиФ»

Фалокатдан омон қолганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилган. Оқтўбалик шифокорларнинг айтишича, улар шифохонага ётишмаган — бунга эҳтиёж бўлмаган. Уч кишида ҳеч қандай жароҳат йўқ, икки киши эса енгил куйиш жароҳатини олган.

Автобусда ёнғин нимадан келиб чиқди?

Фавқулодда вазиятлар хизмати хабар беришича, дастлабки тахминларга кўра ёнғинга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Бундан ташқари, «Интерфакс» хабарига кўра, автобусда белгиланганидан кўпроқ йўловчи бўлган.

Оммавий ахборот воситаларида рўй берган воқеа сабаблари ҳақида турли тахминлар илгари сурилмоқда. «360» телеканалининг маҳаллий журналистларга таяниб хабар беришича, ёнғин машинани иситиш учун қўлланган кавшарлаш лампаси туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин.  «Яна бир вариант — кавшарлаш лампаси. Улар кечки совуқдан сўнг автобусни иситмоқчи бўлишган. Бу шундай муаммоли йўл участкаси ҳисобланади. Балки автобус шу сабабли ёниб кетган бўлиши мумкин», — деди маҳаллий журналист Актар Актилеу.

Фото:«АиФ»

«Известия» нашри эса яна бир тахминни ўртага ташлади. Автобус билан ёнма-ён кетаётган йўловчи машина ҳайдовчисининг айтишига қараганда, йўловчилар салонни кавшарлаш лампаси ёрдамида иситмоқчи бўлган ва ўртада жанжал келиб чиққан. «Автобусда улар кавшарлаш лампаси ёрдамида исинаётган эди. Улар ўртасида келишмовчилик келиб чиқиб, кимдир ичида бензин бўлган идиш(баклашка)ни тепиб юборди. Идиш лампага тегиб, бирдан ёнғин чиқди», — дея гувоҳлик берган ҳайдовчи.

Шунингдек, ОАВда яна турлича тахминлар ўртага ташланмоқда.

Нима учун бунча кам одам қутулиб чиққан?

Фавқулодда вазиятлар хизмати матбуот хизматининг айтишича, воқеа пайтида автобуснинг ён эшиклари қулфланиб қолган. «Автобус тўхтади, ҳамма ҳайдовчилар ундан қочиб чиқди. Одамлар ҳам эшикка қараб интилди, аммо эшик ёпиқ эди», — дейилади «Sputnik» нашри хабарида.

«РИА Новости»да берилган хабарга кўра, эшикнинг қулфланиб қолишига  одамларнинг саросимага тушиб қолгани сабаб бўлган. «Бу қандай саросима эканини тасаввур қилаяпсизми? Эллик одам ваҳимага тушиб, эшикни қулфга туширган. Аммо ойнани  синдириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган», — дейди Фавқулодда вазиятлар хизмати ходими.

Фото: «АиФ»

«Sputnik Қозоғистон» тахминига кўра, автобусга ёқилғи ортилган бўлиши ҳам мумкин ва шу сабабли ёнғин тез тарқалган.

Izohlar 0

Fikr qoldirish uchun saytda ro'yhatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar bilan kiring