Қозоғистонда ёнган жасадларнинг шахси қандай аниқланмоқда?

Қозоғистонда ёнган жасадларнинг шахси қандай аниқланмоқда?

Фото: «BNews.kz»

Шу кунларда Ўзбекистон халқи оғир паллаларни бошидан ўтказмоқда. Қозоғистонда йўловчи автобусида ёнғин чиқиши оқибатида 52 нафар одам тириклайин ёниб кетганини ўйлашнинг ўзи даҳшат! Уларнинг яқинларига сабр тилашдан бошқа чорамиз йўқ.

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти топшириғи билан махсус ҳукумат комиссияси тузилиб, уларга омон қолганлар ва марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш вазифаси топширилган эди.

Бугун бу борада бир қатор амалий ишлар қилинди ва натижага ҳам эришилди. Ёнғинда ҳалок бўлган 28 нафар юртдошимизнинг шахси аниқланди, омон қолган 2 нафар ватандошимиз ҳолидан хабар олинди. Ачинарлиси, уларнинг барчаси Наманган вилоятидан.

Шахси аниқланганларнинг бирламчи рўйхатида 29 нафар одамнинг исм-фамилияси келтирилган эди, дейишингиз мумкин. Тўғри, аввалига шундай эди. Лекин кейинроқ ФВВ сайтида бу сон 28 та бўлиб қолди. Биз ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида ва шахсни қандай аниқлаш ҳақидаги савол юзасидан ФВВ ахборот хизмати билан боғландик.

Таҳририятимизга маълум қилишларича, Наманган шаҳридаги фуқаронинг шахсини аниқлашда бироз қийинчилик туғилган. Бунга ва қолган жасадларнинг ҳам шахсига аниқлик киритилади. Ҳозирда Тошкент шаҳрида махсус суд-тиббий экспертиза гуруҳи тузилган бўлиб, Ўзбекистонга олиб келинган жасадларнинг қолгани ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилади.

Шунингдек, фуқароларнинг шахсини аниқлашнинг усуллари ва йўллари кўп, дейди ФВВ ахборот хизмати ходими. Айни фожиа бўйича жасадларнинг шахсига ДНК текшируви орқали аниқлик киритилмоқда.

Биз уларни кўп чалғитишни истамадик, шундоқ ҳам ҳозирда жуда банд. Яқин соатлар ичида Қозоғистондаги самолёт Ўзбекистонга учиб келади ва шунда батафсил маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти Ирғиз туманида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлган ва 5 киши жабрланган эди.

Izohlar 0

Fikr qoldirish uchun saytda ro'yhatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar bilan kiring